ҚУТЛУҒ ЙЎЛ

Ҳар йили 27 июнь куни мамлакатимизда Матбуот ва oммавий ахборот воситалари ходимлари ўз байрамларини нишонлашади. Байрам баҳона ўтмишга, оммавий ахборот воситаларининг пайдо бўлиши тарихига бир қур назар ташланади. Ўз вақтида фидокорона меҳнатлари, заҳматли ижодлари билан халқ хизматида бўлган журналистлар хотирланади...

Манбаларни титкиласак, ахборотни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишга йўналтирилган ижтимоий фаолиятнинг тарихи қадим замонларга бориб тақалганига гувоҳ бўламиз. Одамларни ижтимоий турмушда содир бўлаётган воқеалардан хабардор қилиш, уларга ахборот воситасида маълум ғоявий-руҳий таъсир ўтказиш турли шакл ва усулларда намоён бўлган. Бугунги кун журналистикаси дастлаб XVII аср бошларида оддий ускуналарда чоп этилган даврий босма нашрлар кўринишида пайдо бўлган. 

Юртимизда ўтган аср бошларида “Хуршид”, “Садои Туркистон”, “Самарқанд”, “Ойина” каби даврий нашрлар чоп этилиб, уларда асосий эътибор миллий тараққиётни таъминлашга қодир маърифатли инсонларни тарбиялашга йўналтирилган эди. 

Нафақат Жиззах воҳасида, мамлакатимиз тарихида ҳам “Жиззах овози” газетаси катта тарихга эга нашр ҳисобланади. Унинг илк сони 1932 йилда "Социализм ғалабаси" деган ном билан Самарқанд шаҳридаги босмахонада чоп этилган эди. Ўша йилнинг октябрь ойида туман марказида мазкур газетани чоп этиш учун босмахона ишга туширилди. 

Газетага дастлаб Махмуд Ғозихонов муҳаррирлик қилган бўлса, кейинчалик Абдуназар Эгамназаров, Махмуд Ғозиев, Маъмур Зарипов, Йўлдош Ҳошимов, Омонмурод Файзимуродов, Юсуф Йўлдошев, 1962-63 йилларда Хўжам Исроилов, 1963 йилдан Тожи Одилов, сўнгра Иброҳим Донишевлар муҳаррирлик қилди.

Шу ўринда яқин ўтмишда мазкур газетанинг ривожида ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшган журналистларни ҳам эслаб ўтмоқчимиз.

Эсимда, болалик кезларимда ҳозирги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси жойлашган ҳудудда Жиззах шаҳрининг Эски шаҳар бозори бўларди. Шу бозорга боришдаги кўчанинг ўнг томони бир қаватли кўримсиз дўконлар, чап томонда эса пастқам ошхона, чойхоналар бошланмасдан олдин – мустабид шўро тизими сиёсати туфайлими – қачонлардир бузилган масжид ёғочларидан, устунларидан қурилган бино жойлашган эди.

Ана шу бинода ўша пайтларида “Коммунизм сари” деб номланган газета таҳририяти фаолият юритган. Орадан йиллар ўтиб, бозор ҳам унинг атрофидаги бинолар ҳам бузилди. Таҳририят Учтепа даҳасидаги, янглишмасам, икки қаватли турар жой биносининг бир хонадонидан қўним топди.

Бугун Жиззах шаҳри марказида, вилоят телерерадиокомпанияси биносига ёндош, ям-яшил дарахтларга бурканган боғ ичида таҳририятнинг икки қаватли биноси жойлашган. Мазкур бинонинг қурилиши ва боғнинг барпо этилиши 1983 йилдан то умрининг охиригача таҳририятга раҳбарлик қилган таниқли журналист Акрам Иномовнинг номи билан чамбарчас боғлиқ. 

Акрам ака 1952 йилда Жиззах туманида туғилган, Самарқанд Давлат педагогика институтини тамомлаб, 1973-1980 йилларда "Коммунизм сари" (ҳозирги "Жиззах овози") газетасида бўлим мудири, бош муҳаррир, 1980-1983 йилларда Зарбдор туманидаги "Зарбдор" газетасининг бош муҳаррири вазифаларида ишлади. Мамлакатимизнинг сиё­сий ҳаётида ҳам фаол иштирок этган, танқидий-таҳлилий мақолалари ўз вақтида катта шов-шувларга сабаб бўлган жонкуяр журналист 1992 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист" фахрий унвони, 2008 йилда "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотланган.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллардан бошлаб салкам ўттиз йил давомида газетамизда фаолият юритган журналистлар - Икром Музаффаров, Абдулла Раҳмонқулов, Саидмурод Норбоевларнинг ёрқин хотирасини эслаб ўтиш ҳам фарз, ҳам қарз.

Бугунги кунда “Жиззах ҳақиқати” газетасида фаолият юритаётган Асад Мустафоев, қарилик гаштини сураётган журналист Раҳматулла Юнусов, фотожурналист бўлиб ишлаган Лазиз Маматқуловлар таҳририят тарихида ўз изларини қолдиришган.

Бугун газета жамоаси ўз устида тинмай ишлаб, изланишда давом этаяпти. Бу борада 2021-2025 йилларда бош муҳаррир лавозимида ишлаган Саид Донишев тўғрисида ҳам тўхталмасликнинг иложи йўқ. Саид Донишев ўта куйинчак ва газетанинг ҳар томонлама мукаммал бўлиши учун жон-жаҳди билан интилар эди. 

 2024 йилда Журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловда, “Жиззах овози” газетаси таҳририя­ти жамоаси газета саҳифаларида эълон қилинган “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”га бағишланган туркум мақолалари ва миллий урф-одат ва анъаналарига бағишланган материаллари учун совриндор бўлгани бежиз эмас.

“Жиззах овози” газетаси биноси хоналарининг бири бугунги кунда мўъжазгина музейга айлантирилган. Музейга кирсангиз, газетанинг 92 йиллик ўтмиши билан юзлашгандек бўласиз.

 Ўтган йиллар таъсирида сарғайган, ўтган асрнинг ўттизинчи, қирқинчи, эллигинчи йилларида олинган оқ-қора суратларга муҳрланган   устозларнинг нурли қиёфаси киши кўнглида ажиб бир фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.  

Ҳаёт эса шиддат билан давом этаяпти. Бугунги таҳририят фаолияти, газета сонларини тайёрлаш жараёни ўтмишдаги жараёнларга мутлақо ўхшамайди. Ҳамма нарса ўзгарган. Таҳририят ходимлари замонга мослашган, замон билан ҳамнафас бўлиб ишлашмоқда. Замонавий ахборот технологиялари, интернет имкониятларидан фойдаланган ҳолда жамиятимизнинг ижтимоий- сиёсий, маънавий-маърифий ва иқтисодий ҳаётини жонли, тўлақонли қилиб ёритиш борасида тинмай олға интилишмоқда.

Зеро, бизнинг зиммамизда устозлар бошлаб берган оғир, машаққатли, аммо шарафли қутлуғ йўлни давом эттиришдек масъулият ётибди.

 

Абдураҳмон Каримов 

("Жиззах овози")


Авторизация