УСТОЗНИ ЁД ЭТИБ...

Таниқли журналист Акрам Иномовни бундан 15 йиллар олдин қайсидир  тадбирда илк бора кўрган эдим. Ўша кезда у кишини “Жиззах овози” газетасининг бош муҳаррири, деб ўйламаганман. Боиси, Акрам акадек савлатли одам, бўйнига рақамли фотоаппаратни илиб олиб, тадбирдаги жараёнларни суратга олаётганини кўрган ҳар қандай киши бунга ишониши қийин эди.  

 

Орадан йиллар ўтди. Олийгоҳда ўқиб юрган кезларим, биринчи курсни тамомлаб, “Жиззах овози” газетасига амалиёт ўташ учун келдим. Акрам Иномовнинг раҳбарлигини эшитиб, бироз ҳайиқдим. Амалиётни ўтай олармикинман, деган ўй қийнарди мени. Лекин устознинг ва жамоанинг қўллаб-қувватлаши  сабаб тезда уларга эш бўлиб кетдим. Ўқишни тугатиб, дипломни олгач эса таҳририятда иш бошладим.

 Акрам Иномов савлатли одам эди. Шу сабаб, кўпчилик уни кўриб, ходимларига нисбатан ўта қаттиққўл, деб ўйларди. Албатта, бу хаёл менда ҳам бўлган. Бироқ адашган эканман. Кўп ўтмай, устоз - ўта самимий, билимли, ҳазилкаш, меҳрибон, кўнгли тоза, доим ўзгаларга ёрдамга шай инсон эканлигига амин бўлдим.

Ишхонамизда яхши анъана бор эди – маош олинган кун ёки эртасига жамоа тушлик қилишга бирга борардик. Шундай даврага биринчи маротаба бориб, устознинг ёнидаги жойга ўтиришга тўғри келиб қолди.

 Дастлаб бироз тортинганимни кўриб, Акрам ака: “Уялма Гавҳар, ишда бошлиқман, дас­турхон устида эса, ҳамкасбман”, дея гапни ҳазилга бурди. Шундай суҳбатларда Акрам Иномов нафақат моҳир журналист, ўткир қалам соҳиби, балки инсоний фазилатларга бой шахс эканлигига гувоҳ бўлганман. 

Иш бор жойда камчилик бўлади. Бир куни тўсатдан йиғилиш ўтказилди. Акрам аканинг жаҳли чиққанини шу куни кўрдим. Анчагина аччиқ гап-сўзлар билан билан ўтди йиғилиш. Аммо айтилган ҳар бир сўз тўғри, чиқарилган қарорлар адолатли эди.

 Шу сабаб,  ўзимизга керакли хулосани олиб чиқдик, ҳеч ким Акрам акадан хафа бўлмади, ҳамма ўз ишига шўнғиб кетди. Бироздан кейин ҳамкасбимиз Дилором опа хонамга кириб секин гапга тутди:

- Гавҳар, Акрам аканинг жаҳли чиққанидан чўчиб кетмадингми?

- Йўқ, нима эди?, – деб сўрадим  ҳайрон бўлиб.

- Шунчаки, кўзингизни ердан олмаганингизни кўриб, хафа бўлмасин, - деб айтдилар Акрам ака.

Мана шу воқеадан кейин Акрам ака бировнинг кўнглини оғритиб қўймасликка ҳаракат қилишига амин бўлдим. 

Устоз раҳбарлик қилган вақтларда ҳам таҳририят худди бугунгидек моддий қийинчилик­ларни бошидан ўтказган. Обуна  - энг оғриқли дард бўлгани боис, мавсум бошиданоқ турли режалар тузиб, бор эътиборни шу масалага қаратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар таҳририят ходимларига яхши таниш. Мана шундай вақтда узоқни кўра оладиган ва қатъиятли раҳбарнинг борлиги ходимларга куч ва ишонч бағишлайди. 

Қайсидир йили, Акрам ака бетоб бўлиб қолиб,  таҳририят моддий қийинчиликлар домига тушиб қолди. Ходимларнинг барчаси тушкун кайфиятда, қўли ишга бормайди. Мажбурият юзасидан ишга келиб кетиб юрибмиз, яшириб нима қиламан, ҳатто бошқа иш қидиришга ҳам улгургандик. Шундай вазиятда, гарчи бетоб бўлиб ётган бўлсада устоз, бизга далда бериш ва қўллаб-қувватлашга ўзида куч топа олди: 

“Ўйланманглар, мен борман”.

 Ишонч билан айтилган шу гапнинг ўзиёқ бизни руҳлантирди. Орадан бир ҳафта ўтгач, таҳририят ҳисоб-рақамига ташкилотларнинг қарздорлик маб­лағлари аста-секин туша бош­лади, аҳволимиз яхшиланди. 

Бир куни ишдан қайтаётиб,  машина ҳайдовчиси билан суҳбатлашиб қолдик.

- Ўқийсизми, ишлайсизми?, - деб сўради у.

- Журналистман, - дедим.

- Ооооооо, зўрку, бир одам борку, гавдали, Президент келса доим ёнида юрадиган, исми нима эди-я? Ўша киши ҳам журналист эди, адашмасам.

- Акрам ака Иномов. Ҳа, раҳбарим бўладилар, - дедим фахр билан.

- Зўр инсон, қаҳрамон.

Ҳақиқатан ҳам Акрам Иномов Жиззах журналистикасида ўчмас из қолдирган қаҳрамон инсон. Яхшидан боғ қолади, деган гапни кўп эшитганмиз. У 1983 йилдан умрининг охирига қадар бош муҳаррир сифатида ишлаган “Жиззах овози” газетасига борганлар билади. Шаҳарнинг қоқ ўртасида таҳририятнинг ажойиб боғи бор. Уни барпо этишда Акрам ака бош-қош бўлган. 

Шугина эмас. “Жиззах овози” газетаси музейи ҳам Акрам аканинг ташаббуси билан яратилган. Бугунга қадар қизиқувчилар музейга келиб, газетчилик тарихи, матбуотчиларнинг ҳаёт ва ижод йўли билан танишиб кетишаяпти. Айниқса, умумтаълим мактабларининг ижодкор ўқувчилари учун бу жой ҳақиқий илҳом макони, десак янглишмаймиз. 

Акрам ака билан қарийб 5 йил ишлаган бўлсам, улардан кўп нарса ўргандим. Нафақат журналистиканинг нозик қирраларини, балки инсонийлик фазилатлари, жамоа билан ишлаш, ҳар қандай вазиятда босиқлик билан иш тутишга одатландим. 

А

крам Иномов ўзига яраша яхши ном ва Жиззах журналистикасида ўчмас из қолдирди. Ҳали узоқ йиллар у кишининг номи хушнудлик ва фахр ила тилга олинади. Бунга ишончим комил. Зеро, яхши инсонлар ёди узоқ вақт одамлар қалбида яшайди.

 

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

("Жиззах овози")


Авторизация