Хабарингиз бор, шу кунларда юртимиз бўйлаб барча жойларда “Долзарб 90 кун” доирасида қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Бу - Ўзбекистондаги ёшлар билан тизимли ишлаш, уларни таълим, касб-ҳунарга йўналтириш, жамиятда келажагимиз эгаларининг фаоллигини ошириш каби мақсадларга қаратилган кенг қамровли ташаббус бўлиб, унга тегишли тадбирлар 90 кунлик муддат ичида вилоят, туман ва шаҳарлар миқёсида ташкил этилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ғоялари асосида ёшлар сиёсатига доир устувор йўналишларини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган ушбу ташаббус юзасидан BMB HOLDING ҳам Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда қатор тадбирларни амалга оширди. Жумладан, Ҳолдингнинг асосий корхоналари жойлашган ҳудудлар - Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Бахмал, Шароф Рашидов, Арнасой, Зарбдор туманлари, Жиззах шаҳри, Сирдарё, Навоий, Тошкент виоятлари ва пойтахтимиздаги қатор билим даргоҳларида мактаб ва коллеж ўқувчилари, талабалар билан учрашувлар ташкил этилди.
Ёшлар билан мақсадли ишлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган учрашувлар мобайнида ёшларга Ҳолдинг масъуллари томонидан касб танлаш, ҳунар ўрганиш, таълим имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, уларга бизнес ғоялар, лойиҳалар ва молиялаштириш имкониятлари тушунтирилди, мувофақиятли тадбиркорларнинг тажрибалари улашилди.
- Айниқса, ёшларнинг BMB HOLDING тизимидаги мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлашга ихтисослашган ишлаб чиқариш корхоналарига қилган саёҳатлари, бу ердаги иш жараёнлари билан яқиндан танишиш, иш ўринлари ҳақида ўзлари учун зарурий маълумотларни олишлари айни муддао бўлди, -дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Мафтуна Ортиқова. - BMB HOLDINGнинг ушбу тадбирлар орқали ёшлар билан ишлашда янги, тизимли, манзилли ёндашув жорий этиш, ҳар бир ҳудудда уларнинг муаммоларини жойида ўрганиб, амалий ечимлар таклиф қилиш, келажагимиз эгалари учун касб, таълим, иш, бизнес соҳаларда янги имкониятлар яратиш сингари ташаббусларни қўллаб-қувватлаётгани бизни ғоят қувонтиради.
Бир сўз билан айтганда, BMB HOLDING бундан буён ҳам давлат ва жамиятнинг ёшлар билан яқиндан ишлашида, уларнинг имкониятларини кенгайтириш, йўналиш топиш жараёнларида фаол иштирок этади.