ЁЗ ИМКОНИЯТЛАР ФАСЛИ

Хабарингиз бор, Республика Президенти ташаббуси билан ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш, уларни маданий, маърифий ва спорт тадбирларига фаол жалб қилиш мақсадида "долзарб 90 кун" лойиҳаси амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари раислигида “Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва “долзарб 90 кун” дастури доирасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан вилоятимизнинг умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг ёзги дам олиш кунларини мазмунли ўтказиш учун бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Дастур доирасида Жиззах шаҳридаги умумтаълим мактабларида ҳам турли спорт ва фан тўгараклари ташкил этилган.

Бугунги кунда таълим даргоҳларига кенг миқиёсда жалб қилинган ўқувчилар, ўзлари учун қизиқарли бўлган фанлар бўйича билимларини оширишмоқда ҳамда ижодий қобилиятларини ривожлантириш имконига эга бўлишмоқда.

Жумладан, шаҳардаги  14-умумтаълим мактабида  ҳам лойиҳа доирасидаги амалий ишлар аллақачон бошлаб юборилган.

- “Долзарб 90 кун” лойиҳаси педагоглар учун жуда муҳим ташаббус бўлди,- дейди мактаб директори Қодир Назаров. - Болалар тўққиз ой давомида мактабда таҳсил олиб чарчашган. Шу боис, ёзги таътил кунларини мазмунли ва мароқли ўтказишлари муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда 130 нафар ўқувчи турли хил йўналишдаги тўгаракларга қатнашиб, спорт мусобақаларида фаол иштирок этишмоқда. Қолаверса, ёзги соғломлаштириш майдончалари ташкил этилган бўлиб, уларда ҳам ўқувчилар вақтларини мароқли ўтказмоқда.

Ёзги таътилни самарали ташкил этиш бўйича берилган топшириқлардан асосий мақсад — ота-оналар ишда бўлган пайтда болаларнинг вақтини уйда бекор ўтказишининг олдини олишдир. Лойиҳа доирасида ўқувчилар футбол, волейбол, миллий кураш, енгил атлетика, сузиш, шахмат каби спорт турлари бўйича мусобақаларда иштирок этадилар. Уларда китоб ўқиш кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашилади. Интеллектуал ўйинлар, таниқли инсонлар, ижодкорлар, ёзувчи ва журналистлар билан учрашувлар ташкил этилади. Тажрибали педагоглар ёрдамида тил ўрганиш машғулотларида иштирок этадилар. Ёшларни касб-ҳунарга йўналтиришга ҳам эътибор қаратилади.

Хулоса қилиб айтганда, “Долзарб 90 кун” дастури - ўқувчиларнинг соғлом, билимли ва фаол бўлиб улғайиши учун муҳим замин яратади.

Жиззах шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли бошқа умумий ўрта таълим мактаблари қошида ташкил этилган ёзги соғломлаштириш майдончаларида ҳам таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун “Долзарб 90 кун”лик дастур доирасида намунали ишлар амалга оширилаётир.


Соҳиба ХЎЖАМОВА, 

Жиззах шаҳридаги 14-мактаб ўқитувчиси


Авторизация