ТИЛАНЧИЛАР

Тиланчилик – бир пайтлар ҳақиқий муҳтожлик, етимлик, касаллик ёки урушлар оқибатида ночор қолган кишилар учун тирикчиликнинг энг охирги чораси сифатида вужудга келган. Бир бурда нон сўраб эшикма-эшик юрган инсонлар учун тиланчилик ҳаётни сақлаб қолиш воситаси бўлган.

Аммо вакт ўтиши билан бу ҳолат ўз шаклини ўзгартирди. Бугунги кунда тиланчилик нафақат кўчаларда, балки интернет - айниқса ижтимоий тармокларда ҳам янги кўринишда намоён бўла бошлади.

Энди кимдир Telegram ва Instagram орқали "ҳомий керак", "Боламга дори олишга ёрдам беринг", деган сўзлар билан одамлар кўнглини юмшатмоқчи бўлади. Улардан ким­дир шундай қилишга мажбурдир, бироқ кўп ҳолларда саҳна ортида фирибгарлар, муҳтожликни саҳналаштираётган "режиссёрлар" турибди...

Баъзан Жиззах марказий кўчаларида ишга шошаётган одамларнинг гавжум окими орасида, чорраҳаларда кўлини чўзган кекса ёшли онахонлар, кўксига боласини босиб, "Аллоҳ ризоси учун, болам оч...", деган титроқ овозда тиланчилик қилаётганларга кўзингиз тушади. Шаҳардаги гавжум жой борки, тиланчиликнинг "иссиқ нуқталари"га айланган. Ҳар бир бурчакда кўриниш бераётган аёллар, болалар ва кекса кишилар турлича сўзлар, кўз ёшлар, ҳатто Қуръон оятлари билан йўловчиларни жалб этишга ҳаракат қилади. Аслида бу иллатга динимизда қандай қаралади?

Ижтимоий иллат бўлган тиланчилик ҳақидаги суриштирувимизни Ўзбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Ботирхон Рўзиев билан суҳбатдан бошладик.

- Тиланчилик динимизда қаттиқ қораланган. Банда ҳамиша Роббисидан "Ризқимни кенг қил", деб сўрашни одат қилиши керак. Агар Аллоҳдан сўрамай, балким бандаларидан сўраса, бу уларни хорликка олиб келади. Имом Ғаззолий "Тиланчилик бандани иззатини туширади, хорлигини оширади", деганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) эса "Тиланчилар қиёмат куни пешоналарида яра бўлган ҳолатда келадилар", дегани муборак ҳадисларда келтирилган. Бошқа саҳиҳ ҳадисларда айтилишича, "Агар банда битта тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга мингта тиланчилик эшигини очиб қўяди. Бошида одам тиланчилик қилишдан уялади, ҳаё қилади. Аммо бир марта ҳаё пардаси йиртилгач, у бемолол тиланчилик қилаверади ва Аллоҳ уларнинг ризқини бандаларининг қўлига солиб қўяди. Бандалари хоҳласа беради, хоҳламаса йўқ. Аммо, шундай ҳолатлар бор, инсон ҳақиқатдан муҳтож, ёки ишлай олмайди, тузалмас бемори бор, ўша пайтда ҳам тиланчилик эмас, балким одоб билан, ша­риат қоидаларига амал қилган ҳолатда маҳалладан, масжидлардан мурожаат билан сўралса, Вақф жамоат фонди ташкил қилинган, имкон қадар уларнинг эҳтиёжини, таъминотини қилиб беришимиз мумкин. Аммо ҳозирги вақтда масжидлар олдида, светафорлар ёнида, чорраҳаларда аёллар ёш гўдакларини кўтариб туриши, гавжум жойларда исириқ тутатиб юриши - бу мутлақо шариатимизга зид бўлган нарса.

Садақа беришлик бор, аммо шароити оғир, етим-есирларга, бева-бечораларга, кам таъминланганларга эҳсон қилишлик бор. Лекин тиланчиликни касб қилиб олганларга пул бермаслик гуноҳ бўлмайди. Етти муччаси соғ бўла туриб, тиланчилик қилаётганларга Аллоҳ ҳидоят берсин...

Хўш, кундалик ҳаётимизда бу иллатга ҳуқуқий томондан қандай баҳо берилади? Ушбу саволга Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Абулқосим Аҳмедов шундай жавоб берди:

- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 1883-моддасида "Аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади"

Рақамларга мурожаат қилсак, 2024 йилда тиланчилик қилиш билан боғлиқ жами 12 та маъмурий ҳолат аниқланиб, аниқланган ҳолатлар бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари қонуний қарор қабул қилиш учун жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига юборилган. Мазкур маъмурий иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, 11 нафар шахсга нисбатан тегишли тартибда маъмурий жарима жазо, 1 нафарига нисбатан маъмурий қамоқ жазо чораси қўлланилган.

2025 йилнинг 5 ойи давомида тиланчилик қилиш билан боғлиқ аниқланган 3 та ҳолат бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига юборилган.

Навбатдаги ҳамсуҳбатимиз, Жиззах Давлат педогогика университети Бошланғич таълим методикаси кафедра мудири Гулнора Холбоева бўлди.

- Кўчаларда, жамоат жойларида турадиган тиланчиларни бирданига қоралаб ёки оқлаб бўлмайди, - дейди Гулнора опа. - Бировнинг ҳақига кўз тикиб ўтиргандан кўра, ҳалол меҳнат килиб топилган даромад яхши, албатта. Кўп кузатаман, жазирама иссиқда, қаҳратон қишда ҳам ёш боласи билан йўллар четида туриб, одамлардан пул сўрашади. Энг ачинарлиси, кўринишидан етти мучаси соғ аёллар, эркаклар...

Битта мисол: Ҳар куни "Ўрда" боғининг чорраҳасида ногирон бола иссиқда кун бўйи аравачада, садақа сўраб ўтиради. Боладан нарироқда, сояда эса унинг ота-онаси жой олган. Давлатдан моддий ёрдам олса ҳам, унинг қаровчисига берилаётган нафақа пуллари ҳам етмаяптимикан, деб ўйлаб қоласан киши. Шу даражада боласини қийнаб, тиланчилик қилишга ор қилишмасмикин?.. Бошқа миллатларни ерга урмаган ҳолда айтиш мумкинки, баъзи бир миллат вакиллари тиланчиликни ор, деб билишади. Миллат шаъни, ғурурини баланд тутадиган бошқа халқлар ҳам бор. Ўзим ўқитувчиман, талабаларга дарс бераман, баъзида талабаларимиз орасида ҳам боқимандалик кайфияти учраб туради. Боқимандаликнинг тиланчиликдан нима фарқи бор?

Хўш, ёшларимиз бу иллат ҳакида қандай фикрдалар? Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети магистратураси талабаси Илмира Шукруллаева шундай дейди:

- Kun.uz сайти "Субъектив" номли суриштурув ўтказганда, тиланчиларнинг кўпчилиги моддий жиҳатдан ошиғи билан таминланганликларини, бироқ "тарки одат амри маҳол" эканини тан олишган.

Энг яхши ечим уларни жамоат ишларига жалб қилиш ва бўш вақтларини қолдирмасдан бирор ҳунар билан банд қилиш деб ўйлайман.

Ушбу машғулот билан кун ўтказадиганлар билан суҳбатлашмасак, суриштирувимиз тўлиқ бўлмайди, деган ўйда ногиронлар аравачасида ўтириб тиланчилик қилаётган бир эркакни аста гапга солдик. Аввал бошида саволларимизга жавоб беришга унамади, кейин рози бўлди(пул эвазига). У шаҳримиздаги савдо мажмуаларининг бири ёнида - ер ости йўлида тиланчилик қиларкан. "Иш вақти" эрталаб соат 8 дан кечки 7 гача. Уйи, автомашинаси бор экан. Икки нафар фарзанднинг отаси эканлигини   яшириб   ўтирмади.

Тушлик учун атрофдаги емакхоналарга боришини, кунлик даромад 300-400 минг атрофида бўлишини айтди. Аммо ҳорғин ва чарчаганлиги, бундай иссиқ ҳавода ўтган-кетгандан пул сўрашга тоқати йўқлиги шундоққина сезилиб турарди...

Ҳозирги кунда тиланчиликнинг яширин, лекин шиддат билан ўсиб бораётган кўриниши - "онлайн тиланчилик" урчиб бормоқда. Баъзилар фотошоп қилинган справка ёки касал болаларнинг суратини ижтимоий тармоқларга жойлаштириб, минглаб одамларнинг ишончига кириб, "Қайси картага эҳсон қиласиз?", деган бир жумла билан даромад қилишга ўтиб кетишган.

Тиланчилик – бу фақат иложсиз қолган инсоннинг охирги чораси эмас, балки жамиятдаги мураккаб муаммоларнинг кўзгуси. Йўл четида қўл кўтариб турган ҳар бир аёл, кўча-кўйда чақалоғи билан пул сўраётган ҳар бир "мусибатли" инсон ортида биз билмаган бир дунё бор. Унда ночорлик ҳам бор, режалаштирилган тиланчилик "бизнеси" ҳам бор. Шунинг учун ҳам тиланчиликни йўқотиш - фақатгина рейд ўтказиш ёки жарима ёзиш билан ҳал бўладиган иш эмас. Бу муаммога комплекс ёндашув зарур. Шу ўринда баъзи бир таклифларимизни айтиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўларди:

- Мақсадли ўрганиш ишлари олиб борилиши керак. Ҳар бир тиланчи шахсан ўрганилиши, уларнинг шахсий ҳолати, яшаш жойи, оилавий шароити таҳлил қилиниши лозим. Бундай иш фақат ИИБ ёки Дин ишлари бўйича қўмитага эмас, балки ижтимоий соҳа вакилларига ҳам юклатилиши зарур.

- Маҳаллада бу масалага ёндашув кучайтирилиши керак. Агар маҳаллада яшовчи киши кўчага чиқиб тиланчилик қилса, бу ўша маҳалладаги назорат ва маънавий таъсирнинг сусайганидан далолат. Маҳалла фаоллари бундай оилалар билан аниқ, тўғри ва пухта иш олиб бориши керак.

- Муҳтожларга ёрдам ажратиш тизимини шаффофлаштириш ке­рак. Онлайн платформаларда, одамлар ўз муаммосини расмий равишда рўйхатдан ўтказа олсин ва ёрдам бериш ҳам ошкора бўлсин.

- Тарғибот ишларини кучайтириш керак.

Садақа - бу бировнинг ёлғон ва ҳийласига, фирибгарликларига рухсат бериш дегани эмас. Жамиятда садақа бериш маданиятини шакллантириш билан бирга, муҳтожга иш топиб бериш, касбга ўргатиш, рўзғорини тиклашга кўмаклашишга ҳам эътибор қаратмоғимиз лозим. Қўл очганга пул бериш осон, аммо уни қўллаб-қувватлашга сабабчи бўлиш — инсонийликнинг юқори поғонасидир.

Тиланчиликни касбга айлантирганлар учун эса жавобгарлик ва тизимли назорат шарт.

Шаҳримизнинг гўзаллиги, аҳолининг фаровонлиги нафақат кўчалар, балки биринчи навбатда пок, меҳнатсевар, меҳмондўст, ориятли, меҳр саховатли одамларда намоён бўлади. Ният қилиб берилган садақанинг энг афзали эса - ҳақлига берилганидир.

 

Чўлпоной АҲМЕДОВА

    ("Жиззах овози")


Авторизация