“Жиззах овози” газетасининг май ойида чоп этилган 21-сонида журналист Алижон Абдусатторовнинг “Одамлар нима дейди?”, сарлавҳали мақоласини ўқиб беихтиёр ўйга толдим. Тўй қилиш муаммоси ўзбек оиласининг дардига, ҳасратига айланиб кетганини ҳис қилган одамнинг юраги увишмасдан иложи йўқ.
“Кўкбозор” олдида таксига ўтириб, кетаётган эдим. Нима бўлди-ю, ҳайдовчи билан суҳбатлашиб қолдим. Одатдагидек гап тирикчилик, пул топиш ташвиши тўғрисида бўлди.
– Хотиним касал, – дея ҳасрат қилишга тушди у. – Даволатишимга 30 миллион сўм кетди. Бунинг устига яқинда тўй қилишим, той олишим керак.
Унинг гапи энсамни қотирди. Тилимни тийиб туролмадим.
– Ўзи хотинингизни 30 миллионга даволатган бўлсангиз, тўйнинг харажатлари қанча бўлиши тушунарли. Той жонивор ҳам бирор бир юз миллионлар турса керак.
– Ҳозир той ҳам “прокат”га берилаяпти, – дея гапга қўшилди орқа ўриндиқда ўтирган йигит.
– Прокати қанча экан, – дедим мен.
– Ишқилиб, арзон эмас...
– “Прокат” га олинган тўйма-тўй, қўлма-қўл бўлган тойни олишнинг нима маъниси бор? – дедим мен баттар энсам қотиб.
– Энди ҳамма шундай қилаяптида, – деди ҳайдовчи чайналиб.
– Сиз той қилмасангиз нима бўлади? – сўрадим қизишиброқ.
– Одамлар гапиради.
– Ҳа, одамлар гапирсин. Гапирса неча кун гапиради?
– Тўғри, – деди орқа ўриндиқда ўтирган йўловчи. – Гапирса бир ҳафта гапирар, ҳа, ана бир ой гапирар.
-Авваласи сиз той қилдингизми, қилмадингизми, бу билан одамларнинг иши йўқ, – дедим. – Ҳозир ҳамма ўз ташвиши билан овора.
Таксичи нимадир, деб ғўлдираб қўйди. Биламан, у барибир тўйга той олади. Қарзга бўлса ҳам олади. Тўй куни бир-икки соатга, нари борса тўрт-беш соатга одамларга кўз-кўз қилиш учун олади. Ёки юзтанинг ичида чиқадиган уч-тўртта оғзига кучи етмаган ғийбатчиларнинг гапидан қўрқиб бўлса ҳам олади. Афсус...
Унинг ҳам мактабда ўқийдиган болалари бордир. Ўша болаларни ўқитиш, билимли қилиш учун қачон пул ажратади?
Қўша-қўша сарполар қилиш, ҳар бир ўтказилган маросимдан кейин сарапта, яъни озиқ-овқат жўнатиш каби ўта бачкана, ўта бемаъни исрофгарчиликнинг охири кўринармикан?!
Тўй базми дастурхони устига қўйиладиган маҳсулотларнинг сон-саноғи йўқ. Кўз қамашади. Ҳолбуки, шу дастурхонни без-атиш қайси бир оилаларнинг белини букиб юборади. Мен сендан кам эмасман, деб қарзга ботган қанча оилаларнинг фожиали тақдирини эшитганмиз. Энг ачинарлиси – айнан ана шундай ортиқча дабдаба, исрофгарчиликлар билан ўтказилган тўйлардан кейин қудалар ўртасида гап қочиб, ёш оилалар бир йилга бориб-бормай бузилиб кетаётганига гувоҳ бўлганмиз. Ўғил ва қизни дабдабали тўйга эмас, оилага тайёрлаш керакмасми?
Ўзига тўқ, обрўли бир хонадонни биламан. Олий маълумотли йигит ва қиз... Тўйни жуда катта қилишди. Тўғриси, кўриб ўзимнинг ақлим шошди. Ота-она биттагина ўғлим, деб борини сочди. Нон ушатар, фотиҳа тўйи, катта тўй, келин салом...
Бу ортиқча исрофгарчиликларни кўриб, тилим зўрға айланиб, ёшларга бахт тиладим. Ҳатто, хусусий олийгоҳда ўқиётган келиннинг йигирма олти миллион сўмлик контракт пулларигача олдиндан тўлашди. Чет эл мебеллари, бренд пардалар хуллас элдан кам бўлишмади...
Аммо... Тўйдан кейин икки ойга бормай ёшлар ажрашишди. Сабаб, келишолмаган эмиш. Қиз яшамас эмиш.
Яна бир мисол. Бир танишимнинг опаси 2 йил олдин тўй бошлаганди. Нон синдирди, бўлажак келинга тилла тақди. Фотиҳа тўй берди. Сарпо, суруғини олиб берди. Олийгоҳда ўқийдиган бўлажак келиннинг контракт пулини 2 йил тўлашди. Қиз ўқишини тугатди. Шу билан ўртадаги ришта ҳам тугади. Тўй куни белгиланган ва таклифномалар тарқатилган. Аммо тўйни қайтаришди. Қиз бу йигитга тегмас эмиш.
Афсуски, исрофгарчиликка бой тўйлар азалдан халқимизнинг дардли муаммоси бўлиб келган. Ҳатто, ўзбек романчилигининг асосчиси, севимли адибимиз Абдулла Қодирий ҳам бундан салкам юз йил олдин бу ҳақда куйиниб ёзганини биламиз. Энг ачинарлиси, замон тараққий этган сари, бу одат йўқ бўлиши ўрнига кучайиб бораяпти. Янги-янги “анаъаналар” кашф қилинаяпти. Эътибор қилганмисиз, кимдир ўз тўйида қандайдир беъмани исрофгарчиликни бошласа, зум ўтмай одатга айланаяпти. Бироқ тўйларда ёшларга китоб совға қилишни йўлга қўйишга уринаётган зиёлиларни ҳеч ким қўллаб-қувватламаяпти.
Бугун шу мавзу ҳақида ёзаяпман-у, уни ўқиётган газетхоннинг эътирозини ҳам ҳис қилиб турибман. Яна ўша мавзуми, неча марта айтилаяпти, ёзилаяпти, фойдаси бормикин?
Фойдаси бор. Томчи тошни тешади, дейдилар. Бу мавзуни яна кўтаришимиз, қайта-қайта жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишимиз, мутасадди ва маҳалла фаоллари, зиёлилар бунинг учун курашишимиз керак.
Токи, тўйларимиз ўйларимизга, ташвишларимизга эмас, қувончимизга айлансин. Ҳашаматли тўйлар, деб ҳавога сочилаётган маблағларни эса, фарзандларимизнинг камолига, билим олишига, касб-ҳунар ўрганишига сарфлайлик.
Лобар ОЧИЛОВА