Жиззахлик маҳалласи ҳудудидаги Шароф Рашидов номли кўча бошланиши Шароф Рашидов номидаги умумтаълим мактабига бориб тақалади. Бу ерда учта йўл ўзаро "Т" шаклда туташган. Машиналар чумолидек қатнайди. мазкур кўчада илгари бир неча марта йўл транспорт ҳодисалари юз берган, ҳатто одамлар нобуд бўлганди. Светофорлар ўрнатилгач машиналар қатнови бирмунча тартибга тушиб, маълум бир вақт оралиғида кўчадан бемалол кесиб ўтиш имкони юзага келди. аммо...
Афсуски, уларни ўрнатиш ва фойдаланишда кўплаб камчиликлар мавжуд. Масалан, кўча ўрталиғидаги светофор электр қуввати таъминотида тез-тез юз берадиган узилишлар туфайли ишламайди. Натижада тирбандлик, ҳайдовчилар ўртасида асабузарлик ҳолатлари юзага келади. Мазкур қурилма ўрнатилганига тахминан 20 йиллар бўлган. Бир томондаги қурилманинг қизил чироғи ёнмаса, бошқа тарафидагисининг яшил чироғи ёнмайди. Бу ҳам етмагандек, йўл четида ўсган дарахт шохлари қоплаб олгани учун, шу ердаги қурилмани ҳайдовчилар деярли кўришмайди.
Мактаб олдидаги светофорнинг эса бир ноқулай томони бор. У уч томондан келаётган машиналар оқимини тартибга солади. Аммо нима учундир шу қурилмани ўрнатган масъул шахслар пиёдаларни унутиб қўйишган. Яъни, светофор чироқлари қандай рангда ёнишидан қатъий назар ҳамма вақт учта йўналишдан келаётган машиналар оқимининг бири учун очиқ бўлади. Пиёда фақат яшил чироқ ёнган йўналишда машина бўлмаган пайтидагина кўчани бемалол кесиб ўтиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, гап Шароф Рашидов номли мактаб олдидаги йўл кесишмаси тўғрисида кетаяпти. Ҳар куни бу ердан юзлаб ўқувчилар мактабга ўтади ва уйига қайтади. Жуда кўп ҳолларда бошланғич синфда ўқийдиган болалар, қизалоқларнинг кўзларини жовдиратганча кўча бўшашини кутиб туришганига гувоҳ бўлганман. Уларнинг йўлдан мактабга ўтиб олишларида кўмаклашганман.
Тўғри, мазкур жойда пиёдалар ўтиш йўлаклари ва йўл белгилари ўрнатилган. Қонуний томонини оладиган бўлсак – ҳаммаси талаб даражасида. Бироқ, очиғини айтиш керак, камдан кам ҳайдовчиларгина машинасини секинлатиб, пиёдаларга йўл беради. Светофорнинг қизил чироғи ёниб турганига қарамасдан "ўпкасини қўлтиқлаганча" катта тезликда кесишмадан ўтиб кетаётган ҳайдовчиларни гапирмаса ҳам бўлади.
Яқинда ўзим бир воқеага гувоҳ бўлдим. Аниқроғи шу кўчада жойлашган уйимга бориш учун таксига ўтирдим. Ҳайдовчи мактаб олдидаги кесишмадан чапга бурилар экан, дафъатан менга юзланиб:
– Анови ишлайдими? – деди мактаб томондаги устунга ўрнатилган камерага ишора қилиб.
– Билмайман, – дедим мен. – Нима учун сўраяпсиз?
– Светофор қизил ёниб турганди, ўтиб кетавердим.
Мен унинг афтига қараб, нима дейишимни билмай қолдим. Кўринишидан "учар" ҳайдовчилиги сезилиб турарди.
Шундан хулоса қилаверинг, айрим "учар" ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларига бўлган муносабатини. Афсуски, ана шу айримлар туфайли одамлар ногирон бўлаяпти, бевақт ҳаёти сўнаяпти. Айниқса, мактабларнинг олди хавфли жойларга айланиб бораяпти.
Яна бир воқеа. Шароф Рашидов кўчаси четидаги йўлакда пиёда ишга кетаётгандим. Мактабга яқинлашганимда светофорнинг яшил чироғи ёнди. Ўнг тарафга қараб кетган йўлда эса пиёдалар учун йўл очиқ. Икки аёл пиёдалар учун чизилган чизиқлар бўйлаб йўлни кесиб ўтишга чоғланаяпти. Шароф Рашидов кўчасидан бораётган енгил машина ҳайдовчиси икки марта сигнал бердида, ўнгга бурилиб, пиёдаларга йўл бермасдан ўтиб кетди. Ҳа, у гўёки сигнал бериб, пиёдани огоҳлантириб, олижаноб бир иш қилгандек ўзини тутди.
Аммо пиёдлар учун чизилган "зебра" чизиғи нима учун мўлжалланган? Агар белгиланган қоидаларга ҳамма ҳайдовчи бирдек амал қиладиган бўлса, у тўхтаб, пиёдаларни ўтказиши керак эди. Ана энди бу ердан ўтадиган бошланғич синф ўқувчилари – болакайлар билан қизалоқларни кўз олдингизга келтиринг.
Светофорларнинг ишлаши билан боғлиқ камчиликларни шаҳримизнинг кўп жойларида учратиш мумкин. Масалан катта кўчаларни кесиб ўтадиган пиёдалар йўлагидаги светофорларнинг ишлаш режими мавжуд шароитга мос эмас. Яъни, пиёда кўчанинг иккинчи томонига етмасдан туриб машиналар учун йўл очилади. Ёшлар чопқилаб ўтишади, аммо кексалар, ногиронлар, болали аёлларчи...
* * *
Шу ўринда кўчада ҳаракатланиш маданиятига ҳам тўхталиб ўтишни жоиз топдик. Юқорида ҳайдовчилар орасида учраб турадиган ҳовлиқма ва учарлар тўғрисида гапирдик. Афсуски, йўл қоидаларини менсимайдиган йўловчилар ҳам орамизда топилади.
Ҳаммага маълум, яқинда, Кўк бозор ҳудудида ер ости йўлаклари фойдаланишга топширилган эди. Ўзининг қадрини билган одамлар ер ости йўлакларидан бехавф, бехавотир кўчанинг у томонидан бу томонига ёки аксинча йўналишда ўтиб-қайтиб юришибди. Бироқ ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, ҳали ҳамон ер соти йўлагига тушиб чиқишга эринганиданми, ёки тарки одат амри маҳолми баъзи йўловчилар, ҳаётини хавф остига қўйганча машиналар оқими орасидан ўтаётганини кўриб ҳайрон қоласан киши. Мана шу манзилдаги яна бир ҳолат. Светофордан шаҳар марказига қараб бурилишдаги йўлнинг ўнг қисмига машина тўхташи таъқиқланади, деган белги қўйилган бўлсада, киракашлар ўз автоуловларини турна қатор қилиб териб қўйишган...
Шаҳарнинг марказий кўчалари кенг ва серқатнов. Пиёдалар йўлагидан одамлар йўлни кесиб ўтаётганида ҳайдовчилар тўхтаб туришади. Баъзан ёшлар, айниқса ёш-ёш қизларнинг қулоқларига телефон қулоқчинини тақиб олиб, мусиқа тингаб ёки кимлар биландир гаплашиб, парвойи палак ҳаракат қилаётганига кўзингиз тушади. Йўл бўшашишини кутаётган ҳайдовчилар жиғибийрон. Айримлари сўкинишдан ҳам тоймайди.
Бир ҳисобда улар ҳам ҳақ. Ахир кўча мусиқа тинглайдиган ёки гаплашадиган жой эмаску. Йўлни кесиб ўтаётганда ўн карра ҳушёр бўлиш, атрофдан кўз узмаслик лозим.
* * *
Асосий кўчалардаги аксарият светофорлар сўнги русмда, қўшимча таблолар билан жиҳозланган. Ишлаши аниқ, вақт ҳам кўрсатилади. Қанийди бошқа кўчаларда ҳам шу каби сифатли светофорлар ўрнатилса.
Пиёдалар ўтиш жойлари борасида ҳам эътироз бор. Масалан, Олимпия заҳиралари спорт коллежи билан "Асака" банк жойлашган чорраҳа оралиғида бирорта ҳам "зебра чизиғи" мавжуд эмас. Бу ердан ўтган йўл кенг, икки томонлама. Хўш, агар йўл ҳаракатлари қоидасига амал қиладиган бўлсак, оралиқда, янада аниқроқ қилиб айтганда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси олдида турган пиёда қоидага амал қилган ҳолда йўлни кесиб ўтиш учун анчагина масофани босиб – ё спорт коллежи, ёки "Асакабанк" ёнидаги светофор олдига бориши керак. Бу борадаги мантиқсизлик шундоқ сезилиб турибди. Ҳолбуки, бу оралиқда кам деганда иккита "зебра чизиғи" чизилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Агар ўрталиқда битта светофор ўрнатилса янада яхши бўларди.
* * *
Хотима ўрнида юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда таклифларимиз бор.
1.Шароф Рашидов номидаги мактаб, шунингдек, бошқа мактабларнинг атрофидаги светофорларнинг иш режимини шундай созлаш керакки, маълум вақт оралиғида ҳамма йўналишлар учун қизил чироқ ёнсин. Албатта, пиёдалар учун ҳам светофорлар ўрнатилиши зарур. Ана шунда ўқувчилар бехатар йўлни кесиб ўтишади.
2.Шаҳримиздаги барча светофорларнинг техник ҳолатини текшириш, маънавий жиҳатдан эскирганларини замонавийларига алмаштириш фурсати ҳам етган.
3.Светофорларни қуёш панеллари ва аккумиляторлар ёрдамида электр қуввати билан таъминлашга ўтказиш лозим. Токи электр таъминотида узилиш бўлганда кўчларда тирбандлик юз бермасин.
Кўчага чиқдикми бас, хоҳ пиёда, хоҳ автоуловда – барчамиз йўл ҳаракати қатнашчиларига айланамиз. Каттаю кичик барча учун йўл қоидаларига амал қилиш мажбурий. Манзилларимизга бехатар етиб олишимиз эса кўпгина омилларга боғлиқ. Улар орасида биз юқорида тилга олган, жузъий кўринсада, худо кўрсатмасин, катта фалокатга сабаб бўлиши мумкин бўлган камчиликлар ҳам бор.
Шаҳримизда шитоб билан давом этаётган улкан бунёдкорлик ишларидан мақсад сиз-у бизга яъни, одамларга яшаш, меҳнат қилишлари учун қулай шароитлар яратиб беришдан иборат. Шу сабаб, кўзга ташланаётган камчиликларга "Бунинг менга дахли йўқ", деб бепарво бўлмай, уларни бартараф этишга ҳаракат қилсак, бундан авваламбор, ўзимиз, яъни Сиз-у Биз ютамиз. Шу сабаб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган ушбу мулоҳазаларга, мазкур муаммоларни бартараф этишга масъул бўлган мутасаддилар ҳам беътибор қолмайдилар, деб умид қиламиз.
Абдурахмон КАРИМОВ
(“Жиззах овози”)