МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИДА ЖАЗО ЧОРАЛАРИ

Жазо ва жавобгарлик тушунчалари бир бирига ўзаро боғлиқ бўлиб, бирини иккинчисидан ажратиб бўлмайди. Муайян ҳаракатни бажармаганлик ёки етарли даражада амалга оширмаганлик учун шахс жавобгарликка тортилади. Яъни, жавобгарлик тариқасида муайян таъсир чораси, бир сўз билан айтганда, жазо белгиланади. 

Жавобгарликнинг фуқоролик, маъмурий, жиноий ва интизомий турлари кенг тарқалган. Интизомий жавобгарлик ўз меҳнат бурчларини қонунга мувофиқ равишда ёки лозим даражада бажармаганлик учун айбдор бўлган ходимга таъсир кўрсатиш воситаси ҳисобланади. Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлмайдиган даражада, аммо ўз айби билан қонунга мувофиқ равишда бажармаслиги ёки бажариши интизомга хилоф ножўя ҳаракат ҳисобланади. Бу, одатда, ходим зиммасига меҳнат шартномаси ёки корхона, муассаса, ташкилотдаги ички меҳнат қоидаларини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар билан юкланган меҳнат вазифаларини бузишда ва унинг ўз айбига кўра, қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида қилган ҳаракати ёки ҳаракатсизлигида ифодаланади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига кўра интизомий жазонинг қуйидаги турлари мавжуд;

1) ҳайфсан;

2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин. 

3) меҳнат шартномасини бекор қилиш (Меҳнат Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 4 ва 5-бандлари). 

Юқорида санаб ўтилган жазо турлари амалдаги Меҳнат кодексининг 312-моддасига биноан ходимларга нисбатан тайинланадиган интизомий жазолар ҳисобланади. 

Интизомий жазолар меҳнат қонунчилигида ходимларга нисбатан тайинланадиган таъсир чоралари бўлиб, унинг натижасида иш берувчилар ўз корхона, ташкилотларида меҳнат интизомини таминлашга эришишади. Меҳнат интизоми деб, корхона, ташкилотларда, иш берувчилар томонидан, ходимларни самарали ишлаганликлари учун рағбатлантириш ва ғайриқонуний ҳаракатлари учун интизомий жазоларни қўллашнинг яхлит бир тизими ҳисобланади. Ходим ўз вазифаларини оғишмасдан, ижобий самарадорликлар билан амалга оширса иш берувчи томонидан маълум миқдордаги пул суммаси ёки қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши меҳнат интизомини таминлашнинг рағбатлантириш усули ҳисобланади. Интизомни ўрнатиш учун, нафақат ходимни рағбатлантириш балки ножўя ҳаракатлари учун муайян интизомий жазо турларидан бирини қўллаш ҳам зарур ҳисобланади. 

 

Моҳинур Бобомуродова,

Тошкент давлат юридик университети 2-босқич талабаси


Авторизация